Skip to main content
Янгиликлар

9 май Хотира ва қадрлаш куни

By 08.05.2020No Comments

Пахта селекцияси, уруғчилиги ва етиштириш агротехнологиялари илмий-тадқиқот институтининг бугунга келиб Республикада юксак мавқега эга бўлишида институтимиз фидойиларидан бўлган Автономов Анатолий Иванович, Мирзажонов Қирғизбой, Автономов Александр Анатольевич, Сукуров Мухамедзян Павлович, Авлякулов Аваз Эронқулович, Ким Роберт Григорьевич, Автономов Вадим Анатольевич, Ибрагимов Шукур, Мирахмедов Содиқ Мирахмедовичларнинг хизматлари беқиёсдир.
Уларнинг Республика миқёсида янгидан-янги сув тежовчи агротехнологиялар, сувсизликка, шўрга, касаликка чидамли, машина теримига мос, эртапишар ғўза навлари яратилиши борасида илмий ишланишлари натижасида яратилган десак, хато бўлмайди. Уларнинг ҳар бирлари ўзларидан муносиб из қолдириб, алоҳида мактаб яратган буюк инсонлардир.

Автономов Анатолий Иванович (1889-1968)- Селекционер олим, қишлоқ хўжалиги фанлари доктори, Ўзбекистон ФА мухбир аъзоси, профессор, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби.

Иваново политехника институтининг қишлоқ хўжалиги факультетини тамомлаган (1925). Бутуниттифоқ ғўза селекцияси ва уруғчилиги илмий-тадқиқот институтида агроном (1925-26), Туркманистоннинг Байрам-Aли шаҳридаги селекция станцияси мудири (1926-30), Тошкент шаҳри яқинидаги Бутуниттифоқ пахтачилик илмий-тадқиқот институтининг Марказий селекция станциясида сектор мудири, Тошкент қишлоқ хўжалиги институти (ҳозирги Тошкент давлат аграр университети)да Пахтачилик кафедраси мудири (1946-68) бўлиб ишлаган.

Илмий ишлари Ўзбекистонда ингичка толали ғўза навлари селекцияси ва уруғчилиги муаммоларига бағишланган. Ўзбекистон шароитларида етиштирилган бир қанча навлар муаллифи. Ёввойи Перу ғўзасидан фойдаланиб, касалликларга чидамли, кўсаклари йирик ингичка толали ғўза навлари селекцияси услубиятини ишлаб чиққан ва шу асосда бир қанча навларни (№2836, 2850, 10964, С-6002, С-6022) яратгани учун собиқ Иттифоқ давлат мукофотига сазовор бўлган.

Профессор A.И.Aвтономов бағри кенг мураббий бўлиб, 20 йилдан кўпроқ талабаларга дарс берди, пахтачилик соҳасидаги етук шогирдлар тайёрлаб, ёш олимлар етиштиришда муҳим ҳисса қўшган. Унинг шогирдлари орасида С.Х.Йўлдошев, С.Мираҳмедов, Ю.П.Хуторной, A.A.Aвтономов ва бошқа олимлар бор.

 

 

Автономов Александр Анатольевич (1926.21.08, Туркманистон Республикаси Байрам-Али шаҳри. – 1976.17.02, Тошкент ш.) – селекционер олим, қишлоқ хўжалиги фанлари доктори (1971), профессор (1971), Ўзбекистонда хизмат кўрсатган агроном. Тошкент қишлоқ хўжалиги институтинининг агрономия факультетини тамомлаган (1955). Г.Зайсев номидаги Бутуниттифоқ ғўза селекцияси ва уруғчилиги илмий-тадқиқот институтида кичик илмий ходим (1956-62), шу институтни катта илмий ходими (1962-1965), ғўза селекцияси лабораторияси мудири (1965-67) институтнинг илмий ишлар бўйича директор ўринбосари (1967) сифатида фаолият олиб борган. Илмий фаолияти, асосан, ғўзанинг фузариоз вилт касалликларига бардошли, самарадорлиги юқори бўлган ингичка толали навларни яратиш масаласига бағишланган. Илк бор, В.даҳлиае замбуруг`ининг 1 ва 2 рассаларига бардошли С-6524 ғўза навини яратишда ссп.пунcтатум Л. туридан фойдаланган. Шунингдек, фаолияти давомида Алжир, Ҳиндистон, Австралия давлатларига хизмат сафарлари уюштириб, янги навлар яратиш бўйича тажриба алмашиб келган. 10 га яқин пахтачилик соҳасида етук шогирдлар тайёрлаган. А.А.Автономов С-6030, Қизил-Равот, С-6029, С-6032, Сурхон-1, Сурхон-2, Сурхон-3, С-6524 навлари муаллифидир. Профессор А.А.Автономов ғўза селекцияси ва уруғчилиги фани ривожига муносиб ҳисса қўшиб, 40 дан ортиқ илмий мақолалар, 1 та монография, 2 та қўлланмалар чоп этган.

Ибрагимов Шукур (1927.04.03-27.06.2019 йй. Тошкент шаҳрида таваллуд топган) – биолог олим, ЎзҚХФА (1991), қишлоқ хўжалик фанлари доктори (1974),   профессор (1976). 1948 йилда Тошкент  қишлоқ хўжалик институтини (Ҳозирги Тошкент Давлат  Аграр Университети) агрономия факултетини тамомлаган.   Генетика ва физиология институти аспиранти (1950-1953), Фарғона вилояти Ёзёвон воҳаси ерларини ўзлаштириш мақсадида ЎзФАнинг янги ташкил этилган Мелиорация тажриба станциясига юборилди. У 1953-1957 йиллар давомида мазкур станциянинг кичик илмий ходими ва илмий котиби лавозимларида ишлади. Ш.И.Ибрагимов 1954 йили “Ғўза илдизининг кўчат сонига ва сув режимига қараб ривожланиши” мавзусида номзодлик диссертациясини муваффақиятли ҳимоя қилди. 1957 йилда унга катта илмий ходим унвони берилди. Шу йилларда ғўза илдиз системасини ўрганиш бўйича профессор Ф.М.Мауэрнинг илмий ишларини давом эттирди. Бунда ғўзанинг ётиб қолишига қарши тадқиқотлар олиб бориб ва бир уяда якка ҳолда ўсимликларни сақлаш бўйича тавсиялар ишлаб чиқилди ва натижада пахтани машина ёрдамида териб олишга асос солинди.

Профессор Ш.Ибрагимов 1957-1964 йилларда ЎзФА ўсимликлар генетикаси ва физиологияси институтида катта илмий ходим, ўсимликларни ривожланиши биологияси лабораториясининг мудири, 1965 йилдан бошлаб мазкур институт бош директорининг муовини лавозимларида фаолият кўрсатди.

 Ш.Ибрагимов 1965 йилнинг 15 апрелида Ўзбекистон Пахтачилик илмий текшириш институти (СоюзНИХИ) нинг Марказий селекция станциясига директор этиб тайинланди. Унинг раҳбарлиги остида шу йили мазкур станция биринчи даражали институт тоифасига ўтказилди (ЎзҒСУИТИ). 1976-1978 йилларда Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирининг муовини бўлиб ишлади, 1977 йилда ЎзҒСУИТИ илмий-амалий тадқиқот ишларини мувофиқлаштирувчи ягона марказга айланишида катта хизмат қилди.

1978 йилда  хизмат сафарида бўлган автоҳалокатдан сўнг соғлиғи ёмонлашганлиги туфайли Г.С.Зайцев номидаги Бутуниттифоқ ғўза селекцияси ва уруғчилиги илмий тадқиқот институтига директорнинг илмий ишлар бўйича муовини бўлиб қайтди. 1980-1984 йиллар мобайнида “Союзхлопок” илмий ишлаб чиқариш бирлашмасининг бош директори муовини лавозимларида ишлади.

1984 йилнинг май ойида ВАСХНИЛ Ўрта Осиё бўлими Президиуми раисининг муовини этиб тайинланди, 1990 йилда эса “Союзхлопок” илмий ишлаб чиқариш бирлашмасининг бош директори лавозимига тайинланди.

   Ш.И.Ибрагимов ғўза ва бошқа қишлоқ хўжалик ўсимликларининг селекцияси, генетикаси, биологияси, уруғчилиги, мутагенези, ғўза агротехникаси соҳасида жаҳонда йирик олимлардан бири деб ҳисобланади. Олим томонидан ишлаб чиқилган ўсимликларни ўсиш фазаларида нурлантириш йўли билан бир қатор янги истиқболли ғўза нав ва  тизмалари яратилган. Булар қаторига  селекция жараёни учун қимматли бошланғич материаллар Мутант-1, Мутант-2, Мутант-3, Мутант-4 навлар ҳисобланади, ишлаб чиқаришга жорий этилган ва истиқболли  “Қизил-Ровот”, “Уйчи-2”, “Андижон-60”, “С-7510”, “С-7512”, “Оқдарё- 6”, “Хоразм-127”, “Денов”, “С-2602”, “С-2606” ҳамда ингичка толали: “С-6029”, С-6030; С-6037, С-6040, Термез-14, Термез-16, Термез-31, навларини муаллифи ва ҳаммуаллифи ҳисобланади. Бу навлар ўз вақтида  500 минг гектаргача майдонларни   эгаллаган ва ҳозирда Оқдарё-6, Хоразм-127, Термез-31,  Денов навлари кенг майдонларга экилмоқда.

Олим тезпишар ва юқори ҳосилли Термез-14 навини яратишда ва агротехникасини ишлаб чиқишда фаол қатнашгани учун 1987 йили  Абу-Райҳон Беруний номидаги Давлат мукофотига сазовор бўлган.

Мирзажонов Қирғизбой 5 май 1936 йилда Фарғона вилояти, Водил (ҳозирги Фарғона тумани) туманида таваллуд топган, 2018 йил 26 май куни вафот этган.

1954 йилда Ўрта Осиё Давлат университетини (ҳозирги Ўзбекистон Миллий университети) биология тупроқшунослик факультетига қабул қилиниб, 1959 йилда тупроқшунос–агрохимё мутахассислиги бўйича диплом берилган, университетни имтиёзли битиргани учун, университет уни аспирантурага ўқишга тавсия этган, 1960-1963 йй. Ўзбекистон Фанлар академияси Тупроқшунослик–агрокимё институти аспиранти. 1963 йилда номзодлик, 1981 йилда доктирлик диссертациясини ҳимоя қилди.

Собиқ Иттифоқ қишлоқ хўжалиги кўргазмаларида (ВДНХсининг) Олтин, Кумуш, Бронза медаллари билан мукофотланди. 1985 йилда “Меҳнат жасорати учун” медали, 1986 йилда Собиқ Иттифоқ ихтирочиси медаллари билан мукофотланди. 1996 йилда Ўзбекистон қишлоқ хўжалик фанлари Академияси мухбир аъзоси, Президент (И.А.Каримов) қарори билан ҳамма қатори, академик бўлди. 1996 йилда Қорақолпоғистонда хизмат кўрсатган фан арбоби, 1996 йилда Нью-Йорк фанлари академиясининг ҳақиқий аъзоси, академиги, 2006 йилда Россия табиий фанлар академиясининг ҳақиқий аъзоси, академиги, 2006 йилда “Ўзбекистон мустақиллигининг 15 йиллиги” кўкрак нишони, 2017 йилда “Қишлоқ хўжалиги ходимлари куни” меҳнат шухрати ордени билан кўрсатган хизматлари учун тақдирланган.

Қ.М.Мирзажонов ишилмий раҳбарлигида Ўзбекистон худудида чанг бўронларининг схематик ва эрозия рўй берадиган регионлар тупроқларининг хариталари тузилди. Шамол эрозиясига учраган тупроқларининг мелиоратив ҳолатлари, агрофизикавий ва агрокимёвий хоссалари ўрганилди. Тўпланган илмий ва амалий натижалар асосида дефляцияга қарши махсус ташкилий ва агротехник тадбирларни (экин пайкалларини кучли шамол эсадиган томонига кўндаланг равишда ташкил этиш, эрозияга қарши кўндаланг пайкалли, бир далага беда ва ғўзани беда-ғўза, беда-ғўза тартибида жойлаштириш, ғўза экиладиган далаларда буғдой ва жавдардан тўсиқлар (кулислар) ясаш, эгатларни шамолга кўндаланг қилиб кесиш, қумли тупроқларда кузги жавдар экиб, апрел ойида унинг поясини 12-14 см қолдириб кўк масса учун ўриб олиш, жавдар поя эгати тубига чигит экиш ва бошқ.) амалга ошириш тўғрисида тавсиялар ёзган. Шамол тезлиги ва тупроқнинг типларига қараб суғориладиган ерларда иҳота ўрмонзорлари 7-24 қаторли эмас, 2 қатордан 4 қаторгача етарли эканлиги, кўп қаторлиги иҳотазорлар эрозияни қайтадан кучайтириш мумкинлигини, шамол тезлиги, тупроқ таркибига нисбатлари математик моделлар орқали аниқлашган. Олим тамонидан асосланган тартибда Республикамизда, шунингдек Қирғизистон Республикасининг Ўш ва Тожикистон Республикасининг Хўжант вилоятларида кўплаб иҳота ўрмонзорлари барпо қилинди.

Олим саксавул, қандим ва черкез буталар уруғини экиб, қум устига сульфат-спирт бордасини сепиб, юпқа парда ҳосил қилиб, яхши кўчатлар олиб, кўчар қумларни тўхтатиш усули нафақат суғориладиган пайкаллар орасида, ҳар-ҳар жойларда тўпланган қум тепаликларини тўсишда, Бойқўнғир космодромини кўчар қумлардан сақлашда қўлланилган.

Истеъдодли олим ўзининг 56 йилдан ортиқ илмий педагог фаолияти давомида Бутиниттифоқ Пахтачилик илмий тадқиқот институти (ҳозирда ПСУЕАИТИ) катта илмий ходими, лаборатория мудири, илмий ишлар бўйича директор ўринбосари, кейинчалик Бош илмий маслаҳатчи лавозимларида самарали меҳнат қилиб келган.

Олим ўзининг 500 дан ортиқ илмий иш, шу жумладан, 11 та монография ва 60 дан ортиқ тавсияномалари билан қишлоқ хўжалигига муносиб ҳисса қўшиб келган.

Академик Қ.М.Мирзажонов илмий раҳбарлигида қишлоқ хўжалигининг тупроқшунослик, агрокимё ва мелиорация мутахассислиги бўйича 56 нафар фан номзоди ҳамда 2 нафар фалсафа доктори (PhD) ва 10 нафар фан доктори тайёрлаган.

Aвтономов Вадим Aнатольевич (1941.21.05, Тошкент вилояти Қибрай тумани)- селекционер олим, Беруний номидаги давлат мукофоти  лаурияти (1995), қишлоқ хўжалиги фанлари доктори (1993), профессор, Ўзбекистонда ҳизмат кўрсатган қишлоқ хўжалиги ходими.

Тошкент қишлоқ хўжалиги институтунинг агрономия факултетини тамомлаган (1963), Ўзбекистон ФA Експериментал биологияси институти (ЎзФA ЕБИ) катта лаборанти (1963-1964), ЎзФA ЕБИ кичик илмий ходими (1966-1967), ЎзФA ЕБИ аспиранти (1967-1970), бутуниттифоқ ғўза селексияси ва уруғчилиги илмий тадқиқот институтида ингичка толали ғўза навлари селекцияси лабораторияси мудири (1980-2001), шу институтда илмий ишлар бўйича директор ўринбосари (1982-84) лавозимларида ишлаган.

В.A.Aвтономов акаси A.A.Aвтономов вафотидан сўнг, унинг ишини давом еттириб, ғўзанинг касалликларга бардошли, тезпишар, тола сифати юқори бўлган навларни яратиш масалаларига бағишланган илмий ишларни олиб борган. Ўзбекистон шароитларида етиштирилган бир қанча ғўза навлари муаллифидир. Юқори самарали ғўза навларини яратгани ҳамда илм-фанга қўшган улкан ҳиссаси учун Беруний номидаги давлат мукофоти лаурияти, Ўзбекистонда ҳизмат кўрсатган қишлоқ ҳўжалиги ҳодими давлат мукофотлари билан тақдирланган.

Ким Роберт Григорьевич 1944 йил 29 майда Сирдарё вилоятининг Сирдарё туманида туғилган. Ўрта мактабни тугатгандан сўнг 1963-1964 йилларда Олмалиқ ғишт заводида пайванчи бўлиб ишлаган. 1964-1967 йилларда Ҳарбий хизматда бўлган. 1967-1972 йилларда Тошкент Қишлоқ хўжалиги институти Агрономия факультети талабаси сифатида “Олим-агроном” мутахассислиги бўйича таҳсил олган. 1972-1986 йилларда собиқ ЎзҒСУИТИнинг кичик илмий ходими, 1986 йилдан 2015 йилгача собиқ “Тезпишар ва паст бўйли ғўза селекцияси” ҳозирги “Интенсив типга мансуб ғўза селекцияси” лабораторияси мудири лавозимларида илмий фаолият кўрсатиб келган.

Р.Г.Ким ўз илмий фаолияти давомида вилт замбуруғининг турли ирқларига чидамли, тезпишар навлар яратиш устида чуқур ва самарали изланишлар олиб борган. Натижада ғўзанинг тезпишар, ҳосилдор, касаллик ва зараркунандаларга чидамли янги навларини яратишда катта ҳисса қўшиб келган. Бугунги кунда олим томонидан яратилган районлашган Омад,          С-8284, С-8286, С-8290, С-8294 ва бир қанча бошқа янги навлар Республикамизнинг Фарғона, Наманган, Самарқанд, Қашқадарё, Хоразм вилоятларида ва Қорақалпоғистон Республикасида жами 80 минг гектардан ортиқ майдонда экилмоқда. Ўз илмий фаолияти давомида Республика ва хориж журналларида 100 дан ортиқ илмий мақолалар ва 2 та монография чоп этган. 2006 йилда Мустақиллигимизнинг 15 йиллиги муносабати билан  Президентимиз томонидан «Дўстлик» ордени ва 2014 йилда Ўзбекистонда хизмат кўрсатган қишлоқ хўжалиги ходими унвонлари билан муносиб тақдирланган.

Авлиёқулов Аваз Эранкулович (1945-2016 йй.).“Мелиорация ва суғорма деҳқончилик” соҳаси бўйича йирик олим.

БМТ қошидаги Халқаро информатизация академияси Академиги, Фан ва техника соҳасидаги Абу Райҳон Беруний Давлат мукофоти лауреати, қишлоқ хўжалиги фанлари доктори, профессор

Авазхон Эронқулович Авлиёқулов Бойсун туманининг Тўда қишлоғида қишлоқ ўқитувчиси оиласида 8-июл 1945-йилда таваллуд топган. 1961-йилда ўрта мактабни муваффақиятли тугатиб, 1962-йилда Тошкент қишлоқ хўжалик институтининг ҳозирги Тошкент Давлат Аграр Университети «Агрономия» мутахассислиги бўйича ўқишга кириб, уни 1967-йилда тугатгач, Сурхондарё вилояти Музработ туманига йўлланма олиб, туманнинг “Янгиобод” номли хўжалигида агрономлик вазифасида ишлади (1967-1970йй).

1970-1971 йилларда Тошкент қишлоқ хўжалик институтининг “Мелиорация ва суғорма дехқончилик” кафедрасида кичик илмий ходим лавозимида ишлай бошлади. Бу даврда устозларидан бири А.Имомалиев фармойиши билан МДҲ давлатларида: Ленинград агрофизика ИТИда, Москва Тимирязев қишлоқ хўжалик фанлар академиясида, Прибалтика Республикалари қишлоқ хўжалик фанлари академиялари, Белорусия, Украина қишлоқ хўжалик фанлари академиялари, Новочеркаск мелиорация институтида, Кавказ Республикаларида Озарбайжон пахтачилик институтида, Ўрта Осиё Республикаларида сафарда бўлиб, ишлаб чиқариш билан иккиёқлама шартномалари аҳволи билан танишиш борасида 72 кун илмий раҳбари билан биргаликда хизмат сафарида бўлди. Бу илм даргоҳларидан мамлакатимизга 200 дан ортиқ илмий адабиётлар олиб келинди ва ҳозиргача тўлиқ фойдаланилмоқда.

Қишлоқ хўжалигининг етакчи тармоғи пахтачиликка бўлган қизиқиши уни илмий изланишга етаклади. 1971-йилда шу кафедрада кундузги бўлим аспирантурасида ўқишни давом эттирди. Илмий-тадқиқот изланиш ишларини қишлоқ хўжалик фанлари доктори профессор Василий Тарасович Лев раҳбарлигида “Сурхон-шеробод воҳаси янгидан ўзлаштирилган тақир тупроқларида ингичка толали ғўза навларининг сув исътемоли ва суғориш тартиби” мавзусида қишлоқ хўжалик фанлари номзоди илмий даражасини олиш учун тайёрланган дастур асосида лаборатория, дала, ишлаб чиқариш тажрибалари Музработ тумандаги “А.Набиев”, “Советобод” номли хўжалик далаларида 1970-1973 йиллари ўтказилди. Ушбу илмий изланишлар натижасида аспирант А.Авлиёқулов томонидан 20 дан ортиқ мақола, рисола чоп этилиб, 1973-йил 26-июнда Тошкент қишлоқ хўжалик институтининг ихтисослашган махсус илмий кенгашида 06.01.02 “Мелиорация ва суғорма деҳқончилик” мутахассислиги бўйича кўп йиллик илмий тадқиқот изланишлар, кузатувларнинг якуний натижасини муваффақиятли ҳимоя қилди ва ОАК қарорига қўра қишлоқ хўжалик фанлари номзоди илмий даражасини олишга 27 ёшида эришди. 1973-йили ҳимоядан сўнг кафедрада “лаборатория” мудири лавозимида ишлай бошлади.

1973-йил декабр ойидан “Бутуниттифоқ пахтачилик ҳозирги Ўзбекистон Пахтачилик илмий-тадқиқот институтининг Сурхондарё филиалида аввал илмий ходим, илмий котиб, “Мелиорация ва суғориш” бўлими мудири, директорининг илмий ишлар бўйича муовини лавозимларида фаолият кўрсатди ва илмий изланишлар кўламини кенгайтирган ҳолда дала тажрибаларини қизғин давом эттирди. Вилоятнинг 9 та тумани 30 дан ортиқ хўжаликлари далаларида, ер ости сувлари сатҳи жойлашуви асосида, енгил, ўртача, оғир соз лойсимон тупроқлари жанубий туманлари тақир-тақирсимон ҳамда шимолий туманлар типик, оч тусли бўз тупроқларида – “ўрта ва ингичка толали ғўза навлари, беда уруғи, ҳашак учун, маккажўхори дон ва кўк масса учун мелиоратив минтақа ва гидромодул ҳудудлари бўйича ўрганилаётган зироатлар сув исътемоли ва суғориш тартиби” мавзусида тайёрланган “янги дастур асосида” илмий тадқиқот изланишларини ўзи асосий бажарувчи ҳамда илмий раҳбарлигида “Мелиорация ва суғориш” бўлими ходимлари, аспирантлари А.Янгибоев, А.Содиқов, Х.Эштемиров, С.Муслимов, Н.Э.Авлиёқулов, А.Ёдгоров, Х.Абдурахмонов, Х.Қурбонов ҳамда Р.Тўраев, Г.Қурбонова, Ш.Ботиров, Д.Тунгушова, М.Садридинова, Т.Турғинбоев, Б.Ҳофизов, Н.Номозов, Ш.Холтўраев, Н.Ражабов, А.Мамбетназаровлар биргаликда давом эттиришдилар.

Ҳозирги кунда юқорида тилга олинган ходимлардан ўн иккитаси қишоқ хўжалик фанлари номзоди илмий даражасини олишга эришдилар. Шулардан тўрттаси докторлик диссертацияси устида илмий изланишларини давом эттиришмоқдалар.

1986 йил апрел ойидан СОЮЗНИХИ нинг Сурхондарё тажриба расадхонаси, 1992 йилдан шу расадхона базасида ташкил этилган Ўзбекистон пахтачилик илмий-тадқиқот институтининг Сурхондарё филиалига директорлик лавозимига тайинланди. 1998 йилнинг январ ойигача шу лавозимда 13 йил узлуксиз ишлаб келди. 1998 йил январ ойида Ўзбекистон пахтачилик илмий тадқиқот институтига бош директор лавозимига тайинланди. 2000-йил май ойидан шу институтнинг “Янги районлашган ва истиқболли ғўза навлари агротехникаси” бўлими мудири лавозимида, ҳозирда “Ғўза навлари агротехнологияси” лабораторияси мудири (2016 йилгача) лавозимида ишлаб келди.

1992-йил 12-апрел куни Ўзбекистон Пахтачилик илмий-тадқиқот институтининг ихтисослашган махсус илмий кенгашида 06.01.02. “Мелиорация ва суғорма дехқончилик” мутахассислиги бўйича “Сурхон-Шеробод вохасида пахта мажмуидаги зироатлари-нинг мелиоратив минтақа ва гидромодул ҳудудларга бўлиниши бўйича сув истемоли ва суғориш тартиблари” мавзусида фан доктори илмий даражасини олиш учун диссертация ишини (1970-1992) 22 йиллик, лаборатория, дала, ишлаб чиқариш тажрибалари илмий-тадқиқот изланишларидан тўпланган маълумотлар асосида якуний ишланмалар бўйича ҳимоя қилди ва қишлоқ хўжалик фанлари доктори илмий даражасини олишга муваффақ бўлди, 2007 йил профессор унвонига сазовор бўлиб, 12 та фан номзоди, 2 та фан доктори ва 14 дан ортиқ магистрларга илмий раҳбарлик қилган ва ҳозирда ҳам ёшларга устозлик қилган.

1987-йили Фан ва Техника соҳасидаги Абу Райхон Беруний номидаги Давлат мукофоти лауреати деган унвонга бир гуруҳ Республика селекционерлари, пахта билан шуғулланувчи олимлари ҳамда ишлаб чиқариш илғорлари қатори Авазхон Авлиёқулов ҳам бу унвонга сазовор бўлди. 1997-йили декабр ойида Жаҳон жамоатчилиги илм аҳли А.Э.Авлиёқулов илмий ишлари кўламига юқори баҳо бериб БМТ қошидаги ягона бўлган “Халқаро информатизация академияси“ нинг (АҚШ) ҳақиқий аъзолигига –“Академик”лигига сайладилар. 350 дан ортиқ илмий мақолалар эълон қилинган: 24 та монография, 30 та рисола, 22 та услубий қўлланма, 30 дан ортиқ тавсияномалар, хорижда – мамлакатимиз журналларида, Халқаро Республика миқёсидаги илмий-амалий конференцияларда мақола, маъруза матнлари жами 300 босма тобоқдан ортиқ илмий ишлар чоп этилган.

Биринчилардан бўлиб А.Авлиёқулов Сурхон-Шеробод воҳаси Сурхондарё вилояти суғориладиган ерларини “мелиоратив минтақа ва гидромодул ҳудудларга” бўлинишининг илмий асосланган услубий қўлланмаларини ишлаб чиқди (1986-йил) ва бу Республика бўйича катта майдонда жорий этилди, (840 минг гектарга) бу норматив ҳужжат ҳисобланиб сув лимити ва сувдан  фойдаланиш режаси тақсимотида асосий меъёрий ҳужжат ўрнида фойдаланилди ва амалиётга жорий этилди.

Leave a Reply